Мастлик
Озода бўлгим келар — кирхонада ишим бор,
Бухорога элтинглар—пирхонада ишим бор,
Табақа, тоифаю, фирқаларни тушунмам,
Менга қанот бер Тангрим, Мавлонода ишим бор.
Кўзи жовдираб турар, мудом довдираб турар,
Мен йўлсиздан йўл сўрар, руҳимдан бир гул сўрар,
Тиланчидан пул сўрар, севгисирар, дилсирар,
Ишқдан маст бўлган жонда—ҳайронада ишим бор.
Нафсим ялтироқ кўрса, кўзи қамашиб кетар,
Чақани кўрса ақлу руҳим талашиб кетар,
Чумоли донни кўрса, йўл топиб ташиб кетар,
Саройларда туриб ҳам, вайронада ишим бор.
Руҳ отини кўндирдим, бошга кулоҳ қўндирдим,
Ясоқ ёғоч юндирдим, кафтга хина индирдим,
Аввал майни тиндирдим, сўнг қадаҳни синдирдим—
Азал мастманку, нега, майхонада ишим бор?
Менга қанот бер Тангрим, Мавлонода ишим бор...
05.10.2026 йил
Гулжамол Асқарова
https://t.me/dilgamaktublar